Ҳиндистоннинг шимолий Ҳимачал Прадеш штатида икки ой давомида юз берган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида камида 240 киши ҳалок бўлди. Бу маълумотни штатнинг табиий офатларга қарши курашиш бошқармаси эълон қилди.

“Муссон туфайли ҳалок бўлганларнинг умумий сони 240 кишини ташкил этди. Шундан 125 киши кўчки, тўсатдан сув тошқини ва жала каби ёмғир билан боғлиқ ҳодисалар натижасида, 115 киши эса йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлди”, дея таъкидлайди бошқарма.
Таъкидланишича, иккита миллий автомагистрал ёпилгани сабабли тоғли ҳудудлар билан муҳим алоқа узилган. Минтақада электр ва сув таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Штат бўйлаб кўплаб кўчкиларни кузатиш станциялари ҳозирда ишламаётгани давом этаётган муссон мавсумида ўз вақтида огоҳлантириш ва табиий офатларга тайёргарлик кўриш борасида хавотир уйғотмоқда
Ҳимачал Прадеш штатида ёмғирлар мавсуми июнь ойининг охиридан сентябргача давом этади. Шу давр мобайнида у ерда йиллик ёғингарчилик меъёрининг асосий қисми ёғади
Бундан аввал Ҳиндистоннинг Уттарканд штатида 5 август куни кучли ёмғир оқибатида юзага келган сел камида 4 кишининг ҳаётига зомин бўлгани ва сув йўлидаги кўплаб уйларни ювиб кетгани хабар қилинганди.
Покистонда муссон ёмғирлари мавсуми бошланган июнь ойи охиридан буён кучли жала ва у келтириб чиқарган ҳодисалар оқибатида камида 279 киши ҳалок бўлган ва 676 киши жароҳатланганди.
Австралиянинг жануби-шарқида ёғган ёмғир қисқа муддатли тошқинларни келтириб чиқарган, кўплаб шаҳарларни ташқи дунёдан узиб қўйган ва аҳоли уй томларида жон сақлаётгани хабар қилинганди.
Май ойи бошида Конго Демократик Республикасида юз берган сув тошқинлари оқибатида эса 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.
Изоҳ (0)