Мусулмонлар идораси матбуот хизмати қайси кунларда ва нима учун рўза тутиш тақиқлангани ҳақида хабар бермоқда.
Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа ойлардан афзал қилди. Уни кўплаб фазилат ва имтиёзлар билан хослади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», — дедилар» (Имом Табароний ривояти).
Бу ойда олам шодликка тўлади, фаришталар ер юзига тушади, хайр-барака, фазилат ва баракалар ёғилади. Мўминларнинг қалбида сурур, кўзида қувонч балқийди. Ҳамма бир-бири билан ширинсўз бўлиб, меҳр-муҳаббат ошади, савоб тўплаш илинжи ортади, ибодатга бўлган иштиёқ кучаяди.
Фазилатда тенги йўқ бу муборак ойда жаннат эшиклари, раҳмат эшиклари очилади. Дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади.
Рўза тутиши фарз бўлган барча мусулмонлар унга доир билимларга эга бўлиши лозим. Рўзанинг бир неча тури бўлиб, улар орасида тутилиши ҳаром бўлган рўза ҳам мавжуд. Бу турдаги рўзани ҳанафий мазҳабида «макруҳи таҳримий» ҳам дейилади. Булар қуйидагилардан иборат:
- Аёл кишининг эрининг изнисиз ёки розилигини билмай туриб нафл рўза тутиши;
- Шак куни, яъни Шаъбоннинг охирги куни рўза тутиш;
- Рўза ва Қурбон ҳайитлари ва улардан кейинги уч куннинг рўзасини тутиш;
- Ҳайзли ва нифосли аёлнинг рўза тутиши;
- Рўза тутса ҳалок бўлишини билиб туриб рўза тутган одамнинг рўзаси.
Шунингдек, Имом Аҳмад ва Имом Муслимдан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ташриқ кунлари еб-ичиш ва Аллоҳнинг зикри кунларидир», — дедилар.
Изоҳ (0)