Мексика ташқи ишлар вазирлиги АҚШ президенти Дональд Трампнинг мексикалик муҳожирларни «ҳайвонлар» деб атагани учун мамлакат ҳукуматига норозилик мактубини йўллади, деб хабар беради «РБК».
«АҚШ президентининг сўзларини умуман қабул қилиб бўлмайди, сабаби улар АҚШда бўлган мексикаликлар учун муҳожирлик мақомидан қатъий назар ноқулай муҳитни яратади», — дейилади хабарда.
Мексикалик дипломатларнинг фикрига кўра, Трампнинг сўзлари инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш принципларига тўғри келмайди ва икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга путур етказади.
Дональд Трамп 16 май, чоршанба куни Оқ уйда мансабдор шахслар иштирокидаги музокараларда Мексика ҳукумати норозилигига сабаб бўлган сўзларни айтган эди.
Музокара жиноий гуруҳларга алоқадор муҳожирлар масалалари бўйича қонунчилик муҳокамасига бағишланган эди. Трамп бундай муҳожирларни «ҳайвонлар» деб атади.
Изоҳ (0)