Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тошкентда Туркиянинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар Шен билан учрашди. Бу ҳақда «Дарё»га вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон томони Инновация вазирлиги жаҳоннинг етакчи давлатлари, жумладан, Туркия билан ҳамкорликни фаоллаштириш, инновацион ривожланиш йўналишдаги давлат дастурларини амалга оширишда турк тажрибасини жалб қилиш орқали инновацион ривожланишни кучайтиришга масъул эканини қайд этди.
Томонлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг қуйидаги жиҳатларини муҳокама қилди:Рақамли технологиялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳалардаги инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқишда инвестицияларни жалб қилиш;
Инновацион жараёнларни ривожлантиришга қаратилган қўшма ўқув дастурларини ишлаб чиқиш;Биргаликда технопарклар, жумладан, болалар учун технопарклар яратиш имконияти;
Етакчи турк ишлаб чиқарувчиларини жалб этган ҳолда инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни яратиш ва тижоратлаштириш билан шуғулланадиган замонавий илмий-тадқиқот мажмуалари, бизнес-инкубаторлар, стартап-инкубаторларни ташкил этиш масалаларини ишлаб чиқиш.
Томонлар ўзаро манфаатли бўлган соҳалар, жумладан, иновацион ғояларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича тизимли фаолият олиб боришга келишиб олди.
Изоҳ (0)