Наманган шаҳридаги «Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юртида «Ҳадиси шариф билимдони» республика танловининг Наманган вилояти босқичи ўтказилди. Бу ҳақда журналист Оқилхон Дадабоев маълум қилди.
Унда ҳадис илмига қизиққан 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 75 нафар иштирокчи ўзаро беллашди.
Мусобақа низомига мувофиқ, иштирокчилар Имoм Бухорийнинг «Ал-Адаб Ал-Муфрад»асаридаги ҳадислардан икки юзтаси асосида баҳоланди.
Танловнинг илк шартида қатнашчилар Имoм Бухорий ва Имoм Термизийнинг ҳаёти, илмий фаолиятини ёритишга интилди. Кейинги шартда эса берилган ҳадис шарҳлаб ўтилди, шунингдек ҳадисни таржима қилиш ва унга доир ҳукмлар баён қилинди. Мусобақанинг якуний шартида қатнашчилар биттадан ҳадиснинг араб тилидаги матнини ровийлари билан ёддан айтиб берди.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, эркаклар ўртасида Миркамол Маҳкамов, Саидасрорхон Нақибхонов ва Муҳаммад Ботиров, аёллар ўртасида эса Маликахон Мирзаева, Ҳабибахон Усмонова ва Зулфия Маъруфхўжаева ғолиб чиқди.
Мусобақа ғолиблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги томонидан махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Биринчи ўринни эгаллаган ғолиблар танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Изоҳ (0)