Тошкентда оҳангаронлик фуқарога цемент ваъда қилиб, уни 10 минг долларга чув туширган шахс қидирилмоқда
Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида фирибгарлик жиноят содир этилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.
2018 йил 5 апрель куни Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам судланган Ш.С. Тошкент вилояти Оҳангарон туманида яшовчи О.Ш.га бир ҳафта ичида цемент маҳсулотлари олиб беришини айтган.
Гумонланувчи алдаш йўли билан жабрланувчининг ишончига кириб, ундан 10 минг АҚШ долларини олган ва берган ваъдасини бажармай, пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Хабар беришларича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. «Фирибгар қидирилмоқда», — дейилади ИИВ ахборотида.
