Бразилиялик тадқиқотчи Сержио Маскаренхас раҳбарлигидаги олимлар гуруҳи Хиросимадаги атом бомбардимони қурбонлари дуч келган радиация дозасини ўлчади. Бу ҳақда ScienceAlert! нашри хабар бермоқда.
Бунинг учун тадқиқотчилар нурланиш излари қолган қурбонларнинг суякларини таҳлил қилди.
Маскаренхас портлаш куни ҳалок бўлган кишиларнинг қолдиқлари, жумладан, ядровий портлаш эпимарказидан тахминан бир километр масофада бўлган одам жағини қўлга киритди.
Электрон парамагнит резонанс деб номланувчи усул ёрдамида олимлар жағ суяги томонидан ютилган ионлаштирувчи нурланиш дозаси 9,46 грей эканлигини аниқлашга эришди. Таққослаш учун: нур билан даволашда ёмон сифатли ўсма тўқималари 2—3 грей доза олади. Бунда 5 грейга тенг доза инсон учун ҳалокатли ҳисобланади.
Олимларнинг сўзларига қараганда, улар илк бор нурланиш дозасини юқори аниқликда ўлчашга эришган.
Изоҳ (0)