Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида «Одам савдоси — давр муаммоси» мавзусида кўрик-танлов бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўқувчи ёшларнинг одам савдоси, унинг аянчли оқибатлари, ушбу иллатнинг олдини олиш борасидаги билим ва тушунчаларини бойитиш, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш мақсадида ўтказилган мазкур танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган жамоа ҳамда ўқувчилар иштирок этди.
Танлов қатнашчилари одам савдосининг аянчли оқибатлари намойиш этилган саҳна кўриниши, «Одам савдоси — давр муаммоси» мавзусидаги энг яхши иншо ҳамда мавзуни энг яхши акс эттирган мусаввир йўналишлари бўйича ўз билим ва маҳоратларини намойиш этди.
Якуний натижаларга кўра, саҳна кўриниши йўналиши бўйича Избоскан туманидаги 34-умумтаълим мактаби жамоаси, иншолар танловида Балиқчи туманидаги 14-умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳларой Акбарова, мусаввирлик йўналиши бўйича Хўжаобод туманидаги 7-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ўғилой Тожибоева ғолиб деб топилди.
Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Изоҳ (0)