Вазирлар Маҳкамасининг 28 мартдаги қарорига асосан Мактабгача таълим муассасалари (MTM)га қабул қилиш тартиби ўзгарди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўзининг Telegram саҳифасида хабар берди.
Илгари болани MTMга қабул қилиш бўйича аризалар ҳафтанинг фақат сешанба ва жума кунлари қабул қилинган. Янги тартибга асосан, давлат хизматлари марказига ҳафтанинг исталган иш куни бориб ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳар куни онлайн режимда ариза тўлдириш мумкин.
Энди MTMлар расмий веб-сайтлари орқали боғчаларнинг сиғими, бўш иш ўринлари, анкета ҳамда навбатга киритилганлар рўйхати билан доимий танишиб бориш мумкин.
Шу кунгача болани боғчага жойлаштириш учун 5 турдаги ҳужжат тақдим қилиниши талаб қилинган. Янги тартибга асосан, анкета тўлдиришнинг ўзи етарли. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 10 кундан 1 кунга қисқартирилди.
MTM қабул комиссияси томонидан аризачига бўш жойи бор бошқа муассасани таклиф қилиш тартиби бекор қилинди. Эндиликда MTM анкетага асосан йўлланма расмийлаштиради ёки уни навбатга қўяди.
Уч ёки ундан кўп болали оилалар, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, талабалар, педагоглар, ногиронлиги бор шахсларнинг фарзандлари боғчаларга имтиёзли қабул қилинади. Етим, қаровсиз қолган болалар, шунингдек, ака-опалари шу муассаса тарбияланувчиси бўлганларга ҳам имтиёз тақдим қилинади.
MTMга қабул қилиш бўйича давлат хизмати бепул амалга оширилади.
Изоҳ (0)