Наманган вилояти Чортоқ туманида прокуратура ва ички ишлар органларининг ҳамкорликдаги тадбири натижасида пора олишда гумон қилинган ўқитувчи ушланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24»нинг «Тезкор хабарлар» дастурида маълум қилинди.
Хабар беришларича, Наманган санъат коллежи ўқитувчиси Оқил Маҳкамов ўқувчи қизлардан бирининг ота-онасига унинг Москвадаги халқаро кўрик-танловдаги иштироки учун рухсатнома олиб бериш, шунингдек, Тошкент давлат консерваториясига давлат гранти асосида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.
Бунинг учун у ўқувчининг ота-онасидан 2 минг доллар сўраган. «Оқил Маҳкамов ўқувчининг ота-онасидан фирибгарлик йўли билан 2 минг АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди», — дейилади телеканал ахборотида.
Қайд этишларича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирги вақтда пора олишда гумон қилинаётган ўқитувчига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)