Урганч туманининг Ғойбу қишлоғида туркман миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилади. Уларнинг ўз она тилида таълим олиши, урф-одатлари ва анъанларини ривожлантириш учун барча шароит яратилган, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу ерда ўзбек-туркман дўстлик уйи бунёд этилди.
«Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ташрифи асносида ушбу маънавият масканининг очилиш маросими бўлди. Давлат раҳбарлари дастлаб бу ерда ўрнатилган Maxтумқули Фироғий бюстини очди, унинг пойига гуллар қўйди», — дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов ўзбек-туркман дўстлик уйида яратилган шароитлар билан танишди. Ушбу мажмуа қадимий ва замонавий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган. Ўзбек ва туркман халқларининг кўп асрлик алоқаларини акс эттирувчи музей, икки мингдан зиёд китоб фондига эга кутубхона ташкил қилинган. Тадбирлар ўтказиш учун катта зал, турли фан ва санъат тўгараклари учун хоналар барпо этилган.
Ўзбек-туркман дўстлик уйи, туркман миллатига мансуб фуқаролар учун яратилган имкониятлар туркманистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Изоҳ (0)