Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракат хавфсизлиги бош бошқармаси автомобилларнинг давлат рақамларини алмаштириш режалаштирилаётгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.

Фото: «Газета.uz»

Олдинроқ Ўзбекистонда амалдаги давлат рақамларини халқаро намунадаги рақамларга алмаштиришни кўзда тутувчи транспорт воситаларини ҳисобга қўйиш тизими жорий этилиши хабар қилинган эди. Бу Ўзбекистон Президентининг «Инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва идоравий ахборот тизимлари жадал интеграциялашувининг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

«Республика ҳудудида транспорт воситаларини ҳисобга қўйиш тизимини яратиш ва бу соҳага ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш бўйича босқичма-босқич иш олиб борилмоқда. Президент қарорида эса фақатгина замонавий транспорт воситаларини ҳисобга қўйиш тизимини яратиш ҳақида сўз боради», — дейилади ЙҲХББнинг «Газета.uz»га берган изоҳида.

Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 27 июндаги қарори асосида амал қилиб келаётган автомобиль давлат рақамлари «халқаро талаб ва стандартларга мос келади».