Ўзбекистон ҳукумати энди мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳар бир ҳолатни «фавқулодда ҳодиса» сифатида кўриб чиқади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 17 апрель куни ўтказган видеоселектор йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради «Дарё» мухбири.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, ушбу видеоселектор йиғилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилди.
Абдулла Ариповнинг таъкидлашича, ҳудудлардаги раҳбарларнинг таълим ва тиббиёт ходимларини ўз соҳасига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб этиши, кўзбўямачиликларга йўл қўйиши ҳолатлари мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсатга зиён етказмоқда.
«Ҳукуматга алоҳида топшириқ берилди: ҳар бир шундай ҳолат энди фавқулодда ҳодиса сифатида кўриб чиқилади», — деди Ўзбекистон бош вазири.
Бош вазирнинг қайд этишича, Президентнинг вилоятларга ташрифлари арафасида таълим, тиббиёт ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб этиш барча ҳудудларда авж олган.
Изоҳ (0)