Тожикистон ҳукумати Самарқандда 640 нафар ўқувчига мўлжалланган тожик тилидаги мактабни қуради. Бу ҳақда «Диалог» нашри хабар бермоқда.
Тегишли келишув жорий йилнинг март ойида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон томонидан имзоланган.
Келишувга мувофиқ Ўзбекистон томони ўқув муассасасини қуриш учун ер ажратиш ва қурилиш майдончасида тожик ишчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини олган. Унда, шунингдек, қурилиш компанияси божхона тўловларидан озод этилиши кўзда тутилган.
Қурилиш якунлангандан сўнг объект Самарқанд маъмуриятига топширилади. Тожик, ўзбек ва рус тилларида тайёрланган, 8 банддан иборат ҳужжатда янги мактабдаги ўқув жараёни ҳақида сўз юритилмаган.
Ўзбекистоннинг тожик диаспораси асосан Бухоро, Самарқанд, Наманган, Сурхондарё ва бошқа минтақаларда жойлашган. Расмий статистикага кўра, совет йилларида Ўзбекистонда 380 та тожик тилидаги мактаб фаолият кўрсатган, охирги 25 йилда уларнинг сони сезиларли даражада қисқарган.
Жорий йил бошида фуқаролар педагоглар етишмаслиги муаммосини ҳал этишни сўраб, Тожикистон ва Ўзбекистон президентларига очиқ мактуб йўллаган.
Изоҳ (0)