Қуръон мусобақаси республика босқичининг аёл-қизлар ўртасидаги беллашувлари 25—26 апрель кунлари Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчасида жойлашган «Ёшлар иттифоқи» анжуманлар уйи (ЎзМУ собиқ маданият саройи)да бўлиб ўтиши белгиланди. Бу ҳақда «Muslimaat.uz» «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018» ташкилий ҳайъат раиси Абдуҳаким қори Матқуловга таяниб хабар берди. Шунингдек, «Наврўз» қабуллар уйида катта мониторлар қўйилиб, томошабинлар учун минглаб ўринлар ҳозирланмоқда.
Эркаклар ўртасидаги баҳслар ҳам 21, 22, 23 ва 24 апрель кунлари юқорида зикр қилинган манзилда бўлиб ўтиши кўзда тутилган. «Минор», «Шайх Зайниддин» (Кўкча) ва «Ҳазрати Имoм» (Хастимом) масжидларига томоша учун мониторлар қўйилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги марказий масжидларга ўрнатиладиган катта экранлар орқали ҳам мусобақа жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш мумкин.
Беллашувда вилоятлардан 41 нафар (13 нафар ҳифз, 28 нафар тиловат йўналиши бўйича) ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ислом билим юртларидан эса 7 нафар (3 нафар ҳифз, 4 нафар тиловат йўналиши бўйича), жами 48 нафар қория қизлар ўзаро мусобақалашиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)