Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси доирасида 26 март куни пойтахтда «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» форматида ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашуви ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Қайрат Абдрахманов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хаджиев ва Еврокомиссия президенти ўринбосари, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини минтақалараро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
Халқаро таҳлил марказлари қайд этаётганидек, Тошкентда Афғонистон бўйича ўтказилаётган юқори даражадаги халқаро конференция Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсати стратегиясининг амалий натижаси сифатида ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро миқёсдаги қўшма саъй-ҳаракатларга кенг йўл очади.
Тошкент конференцияси олдидан пойтахтдаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида ўтган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» форматида ташқи ишлар вазирларининг учрашувида мазкур конференцияни ўтказишнинг амалий жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.
Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари Европанинг 2019 йилда ЕИнинг минтақага оид янгиланган стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишга доир режасини маъқуллади ҳамда Марказий Осиё давлатларининг мазкур жараёнда фаол иштирок этишига доимо тайёр эканини билдирди.
Учрашувда, шунингдек, минтақада иқтисодий, ҳудудлараро йўналишлардаги ҳамкорликни, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, илмий ва таълим соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритилди.
Тадбирда Афғонистондаги аҳволни барқарорлаштириш ва пойтахтда ўтказиладиган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги Тошкент конференцияси арафасида ушбу давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Европа Иттифоқи томонидан Марказий Осиё давлатларининг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, уни ҳудудий иқтисодий ва инфратузилма алоқаларига жалб қилишга доир саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши бўйича фикр алмашилди. Шу билан бирга, 27 март куни Ўзбекистон пойтахтида иш бошлайдиган Афғонистон бўйича юқори даражали халқаро конференциянинг делегация раҳбарларига киритиладиган якуний Тошкент декларацияси дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган глобал муаммони бартараф этиш йўлидаги ғоят улкан қадам бўлиши таъкидланди.
Ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашувини жорий йилнинг иккинчи ярмида Брюссель шаҳрида ўтказишга қарор қилинди.
Изоҳ (0)