2018 йил 15 март куни Вена шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Доимий кенгаши аъзолари 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги юқори даражали халқаро конференциянинг асосий мазмуни билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистоннинг ЕХҲТ ва Вена шаҳридаги бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий ваколатхонаси раҳбари Шерзод Асадовнинг маърузасида таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро конференция Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, унинг барқарор ривожланиши учун шароит яратиш, афғон халқининг фаровонлигини ошириш ва унинг минтақа ва бутун дунёдаги ижобий жараёнларга жалб қилинишини таъминлашда муҳим қадам бўлиши керак.
Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Россиянинг дипломатик ваколатхона раҳбарлари ўз нутқларида Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилишини қўллаб-қувватлади. Хорижий ҳамкорлар Ўзбекистон томонига юқори даражадаги Тошкент форумини ташкиллаштириш ташаббуси учун миннатдорчилик изҳор қилиб, унинг муваффақиятли ўтказилишига ишонч билдирди.
ЕХҲТга раислик қилувчи мамлакат бўлган Италия вакили Афғонистон бўйича халқаро конференция натижалари юзасидан ташкилот доирасида алоҳида тадбир ўтказишни таклиф қилди.
ЕХҲТнинг Доимий кенгаши йиғилишида ташкилот раҳбарияти, 60 га яқин элчи, иштирокчи ва ҳамкор мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари қатнашди.
Йиғилиш якунига кўра Ўзбекистон томонининг маърузаси ЕХҲТ Доимий кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.
Изоҳ (0)