Тошкент туманлараро иқтисодий суди UMS компанияси даъвосини қисман қондириб, интерконнект ставкасини жорий 42 сўмдан 5 тийингача пасайтириш ҳақида қарор чиқарди, деб ёзади «Подробно».
Қонунчиликка мувофиқ, янги ставка суд қарори амал қилишни бошлаган вақтдан бир ой ўтиб жорий этилади.
Beeline компанияси ушбу қарор устидан юқори инстанция судига шикоят аризаси берилишини маълум қилди.
Интерконнект — иккита оператор тармоқлари ўртасидаги алоқа. Агар у бўлмаса, бир уяли алоқа оператори фойдаланувчиси бошқа оператор рақамига қўнғироқ қила олмайди.
Ўзбекистондаги уяли алоқа компаниялари тахминан саккиз йил аввал мутлақо бепул кирувчи қўнғироқлар ҳақида эълон қилган эди. Интерконнект бўйича ўзаро ҳисоб-китоб учун улар абонентнинг битта қўнғироғи бир дақиқаси нархини 1 сент (42 сўм) қийматида белгилади.
Аммо 2017 йилда интерконнект ставкасини қайта кўриб чиқиш юзасидан ўзига хос уруш бошланди. UMS компанияси қолган иккита йирик оператор — Beeline ва Ucell ўзи ва бошқа икки майда оператор — UzMobile ва Perfectum учун 5 тийинлик ставка белгилашини талаб қилди.
Изоҳ (0)