АҚШ гипертовушли қуролга қарши туриш учун базаси орбитада бўлган радарлар тизимини ривожлантириши керак. Бу ҳақда АҚШ қуролли кучлари стратегик қўмондонлиги бошлиғи Жон Хайтен айтиб ўтди, деб ёзади «РИА Новости».
Унинг сўзларига кўра, Пентагон Ердаги аниқлаш тизимлари етарли эмаслигини тан олади, шу сабабли АҚШ орбитал радар яратиш учун «бор-йўғи» бир неча миллиард доллар ажратиши керак.
Бундай тизим, генерал аниқлик киритишича, траекториянинг ўрта қисмида — жанговар каллак элтувчидан ажралиб, атмосферанинг тепа қатламларида турган вақтда ракетани кузата олади. Бундан ташқари, орбитал радар ердаги бошқа хавфларни, шу жумладан, гипертовушли қурилмалар ишга туширилишини аниқлай олади.
Хайтен АҚШ ушбу лойиҳа учун зарур технологияларга анчадан буён эга эканлигини, аммо Пентагон маблағларни баллистик ракеталардан ҳимояланишга сарфлаб, космик қурилмалар яратишни молиялаштиришдан хавфсираётганлигини айтди.
Нашр эслатишича, аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Федерал Мажлисга йўллаган мурожаатида «Ханжар» юқори аниқликдаги гипертовушли авиация-ракета мажмуаси тажрибавий-жанговар навбатчиликни қабул қилиб олганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)