Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Қўчқор-Ота шаҳридаги қаҳвахонада юз берган портлашда уч нафар ўзбекистонлик жабрланди, дея хабар бермоқда «Turmush.kg» вилоят ички ишлар бошқармасига таяниб.
Қаҳвахонада газ печи портлаб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, бунга қаҳвахона ичидаги новвойхонада газ сизиб чиққани сабабчи бўлган. Айни пайтда воқеа жойида тергов гуруҳи ишламоқда. Портлаш сабабларини аниқлаштириш мақсадида тегишли экспертизалар белгиланган.
Ҳодисада тўрт киши — Тўқтўғул туманининг Торкент қишлоғи фуқароси ҳамда уч нафар наманганлик жабрланган. Учала ўзбекистонлик ҳам ушбу қаҳвахона новвойхонасида ишлаган, улар рўйхатда туриб, шаҳардаги уйлардан бирида вақтинчалик яшаган.
Жабрланганларнинг икки нафари оғир, яна икки нафари эса ўртача оғир аҳволда. Бир киши Ўш шаҳар касалхонасига кўчирилган, қолган уч киши Қўчқор-Ота касалхонасида даволанмоқда.
Изоҳ (0)