Умид Аҳмаджонов: Тимур Кападзе футболни эндигина тугатди. Айни вақтда у футболчиларни ҳаммадан яхшироқ тушунади
Қўнғироқ қилиб федерацияга чақиришди, ҳайрон бўлдим. Умид Аҳмаджоновнинг ёнларига кирганимдан сўнггина барчасини эшитдим. Бошида ёшлар жамоаси деб ўйладим. Йўқ, миллий терма дейилгач эса ёрдамчи бўлибми дея савол бердим.Вақтинчалик бош мураббий бўлиш учун Суперлигада ишлаётган мутахассисларни жалб этиш нотўғри бўлишини, бу унинг клубдаги ишига ҳалал беришини айтишди. Кейинчалик чет элдан келадиган мураббийга муҳитни таништириб, ёрдам беришим мумкинлигини тушунтиришди. Бу мен учун жуда кутилмаган воқеа эди. Шундай ишончга лойиқ кўрилганимдан хурсанд бўлдим.
Вазифа зиммамга жуда катта масъулият юклашини тушуниб турибман. Ишончни оқлашга қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Йигитларни яхши биламан, шу томондан менга бироз осон бўлиши мумкин. Бундай юксак ишонч учун ЎФА раҳбарияти ва шахсан Умид Аҳмаджоновга миннатдорчилик билдираман.
Тимур Кападзе, Ўзбекистон МТЖга вақтинча бош мураббий
Кападзе бунгача миллий терма жамоанинг Сенегал ва Марокашга қарши ўртоқлик ўйинлари учун кенгайтирилган таркибини эълон қилиб улгурганди.
Тимур Кападзедан биринчи қадам: Ўзбекистон миллий термасининг Сенегал ва Марокашга қарши кенгайтирилган таркиби аниқ
Таркиб танлашда биринчи навбатда Равшан Ҳайдаров билан гаплашдим. Яқиндагина Осиё чемпионлигини қўлга киритган футболчилардан бир нечтасини таркибга жалб этишни мақсад қилгандим. Бироқ мартда уларнинг ҳам ўз ўйинлари бор. 21 ва 25 март кунлари жамоамиз Осиё Ўйинларига тайёргарлик доирасида Саудияга қарши назорат учрашувлари ўтказади. Шундай бўлса-да, 4—5 ёш футболчини йиғинга жалб этдик. Таркибда легионерларимиз ҳам бор. Марокашга жами 23 нафар футболчи йўл олади. Унгача Чемпионлар Лигаси ва Суперлига ўйинлари мавжуд. Футболда кутилмаган жароҳатлар бор, ўша вақтда кимнингдир жисмоний ва функсионал ҳолатида пасайиш кузатилиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, кенгайтирилган таркибга 30 футболчини танлаб олдик.Тимур Кападзе, Ўзбекистон МТЖга вақтинча бош мураббий
Ўтган мавсум футболни якунлаган Кападзе, энди собиқ жамоадошлари ва дўстларига бошчилик қилиши керак. Хўш, футболчилар буни қандай қабул қилиши мумкин?
Терма жалб этилган «Локомотив» футболчиларининг 6—7 нафари билан майдонда сардор сифатида ўйнаганман. Улар мени ҳурмат қилади, керакли пайтда доимо маслаҳатларимни бераман. Қолаверса, «C» ва «B» лицензиялари учун ўқидим. Айтмоқчиманки, мураббийликни кечагина бошлаганим йўқ. Бунга икки йил давомида руҳий тайёргарлик кўрганман. Шунинг учун футболчилар билан бош мураббий сифатида тезда тил топишиб кета оламиз, деб ўйлайман. Олдимизда битта вазифа бор — миллий терма жамоани кучайтириб, барчасини тўғри йўлга қўйиб олиш. Буни йигитларга тушунтира оламан.Тимур Кападзе, Ўзбекистон МТЖга вақтинча бош мураббий
Кападзе миллий терманинг Касабланкага бўладиган сафари олдидан Азиз Ҳайдаров, Сервер Жепаров каби етакчи футболчиларни таркибга киритмади. Ваҳоланки, айни вақтдаги мураббий улар билан бир неча йиллар давомида бирга тўп тепган ва қалин дўст бўлган.
Сервер Жепаров: Тимур Кападзени яхши биламан. У ўзига топширилган ишни уддалай олади
Бу энг аввало келажак учун қилинаётган иш. Ёшлар орасида ҳам кучли футболчилар бор. Илк вазифа таркибни ёшартириб бориш. Осиё Ўйинлари, қитъа чемпионати, Токио—2020 ўйинлари, ЖЧ саралаши кутиб турибди. Шунинг учун келишилган ҳолда таркибга Сервер Жепаровни ҳам, Азиз Ҳайдаровни ҳам чақирмадик. Таркиб ёшараётгани сабаб, йиғинга уларни овора қилишни истамадим. Футболда авлодлар алмашинуви табиий бир жараён. Буни барча профессионал футболчилар тушуниши ва тўғри қабул қилиши лозим.Серверга барчасини тушунтирдим. У ҳам қароримни тўғри қабул қилди. Жепаров 35 ёшда. Балки чет эллик мураббий келиб, уни яна жамоага чақирар. Сервер нимага қодир эканини барчамиз биламиз, шунга тўп сураётган клубидан безовта қилмадим. Азизга ҳам барчасини шундай тушунтирдим ва улар тўғри қабул қилишди.
Тимур Кападзе, Ўзбекистон МТЖга вақтинча бош мураббий
Сенегал ва Марокаш терма жамоалари билан ўзбекистонлик футболчилар ҳозиргача тўқнаш келмаган. Кападзенинг фикрича, бу биз учун қизиқ ўйин бўлади.
Сенегал ва Марокаш ЖЧ—2018 да иштирок этади. Бу нарса уларнинг кучини кўрсатиб турибди. Шу тарафлама тўқнашувлар биз учун қизиқ бўлади. Бундай термалар билан ҳали ўйнамаганмиз. Ишонаманки, бизнинг ҳам улардан кам жойимиз йўқ. Бу ёш футболчилар учун яхшигина мактаб бўлиб хизмат қилади. Миллий термага ана шундай кучли спарринг рақиблар топиб бераётган ЎФА раҳбариятидан миннатдор бўлиш керак.Тимур Кападзе, Ўзбекистон МТЖга вақтинча бош мураббий
ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов термага хориждан мутахассис келиши ҳақида айтиб ўтганди. Кўринишидан, кейинроқ Кападзе унга ёрдамчи бўлади.
Четдан келадиган мутахассисга ички муҳитни ҳис қилиш, футболчилар имкониятини билиш ниҳоятда муҳим. Бунинг энг тўғри йўли маҳаллий мутахассислардан бирортасини унга ассисент сифатида бириктириш эди. Менимча, Умид Аҳмаджонов шу тарафдан тўғри қарорга келган. Асосий мураббий келгуна қадар жамоани яхши тайёрлаб, кейин унга топшираман. Шунда унга осон бўлади. Қолаверса, ўзим унинг иш тажрибасини ўрганаман. Бу мен учун катта мактаб. Мураббий сифатида шаклланишимга, ўсишимга имконият яратади.Кападзе футболчилик даврида бир қатор мутахассислар билан ишлаган ва улардан ниманидир ўрганган.Тимур Кападзе, Ўзбекистон МТЖга вақтинча бош мураббий
Биласизми, иш фаолиятимда кучли мураббийлар кўп бўлган. Уларнинг бирини бошқасидан ажратишни хоҳламайман. Ҳар биридан нимадир олганман. Биринчи мураббийим отам бўлган. Кейин «Нефтчи»да 4 йил Юрий Саркисян қўл остида ўйнадим. «Пахтакор»да Тачмурат Агамурадов, кейинчалик Равшан Ҳайдаров, Валерий Непомняший каби мутахассислар фаолият кўрсатди. Термада Рауф Инелеев, Миржалол Қосимов, Вадим Абрамов, Юрген Гёде, Боб Хоутон... Ҳаммаси билан ишлаш мен учун катта тажриба бўлди. Ҳар бирининг ўз услуби бўлган.Тимур Кападзе, Ўзбекистон МТЖга вақтинча бош мураббий
Кападзе мураббийлар штабига Андрей Фёдоров ва Петр Гизимчукни таклиф қилди. Бунда иккинчи мутахассис дарвозабонлар билан ишлаши кўзда тутилган.
Раҳбарият ва албатта мухлислар юзини ерга қаратмай, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг обрўсини кўтариш учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратаётган, соҳани бевосита ўз назоратида ушлаб турган Президентимиз Шавкат Мирзиёвга ҳам миннаторчилик изҳор этаман.Тимур Кападзе, Ўзбекистон МТЖга вақтинча бош мураббий
Изоҳ (0)