Дания қироличаси Маргрете II нинг турмуш ўртоғи 83 ёшли шаҳзода Хенрик 13 февраль, сешанба куни вафот этди, деб ёзади «ТАСС» қироллик саройи матбуот хизматига таяниб.
«Қироллик Олий ҳазратлари шаҳзода Хенрик 13 февраль, сешанба куни 23:18 да Фреденсборг саройида уйқусида вафот этди. Шаҳзоданинг ёнида Қиролича Олий ҳазратлари ва икки ўғли бор эди», — дейилади хабарда.
Шаҳзода Хенрик икки ҳафта аввал Мисрда дам олаётган вақтда ўзини ёмон ҳис қилган. Уни маҳаллий шифокорлар кўздан кечиргач, у Данияга етказилган ва 28 январдан буён Копенгагендаги Қироллик касалхонасида ётган. Тиббий кўрик унинг ўпкасида шиш борлигини аниқлаган, аммо у безарар бўлиб чиққан. Мазаси қочишига ўпка инфекцияси сабаб бўлгани маълум қилинган.
13 февраль куни шаҳзода ўз ихтиёрига биноан касалхонадан чиқарилиб, Дания қироллик оиласининг Фреденсборгдаги қароргоҳига олиб борилган.
Изоҳ (0)