Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бир қатор ҳукумат қарорларига ўзгартиришлар киритилди ва шу тариқа тадбиркорлик субъектларига ер участкалари ажратиш тартиботлари соддалаштирилди, деб ёзади Norma.
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилдаги қарори билан Тошкент вилоятида юридик ва жисмоний шахсларга шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ ер участкалари ажратиш амалиётини ўрганиш комиссияси тузилган. Комиссия ўзига Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан берилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, тадбиркорлик фаолияти, якка тартибдаги уй-жой қурилиши ва бошқа мақсадлар учун Тошкент вилоятида ер участкалари ажратиш бўйича қарорлар қабул қилади.
Бу анча узоқ давом этадиган жараён: ҳужжатлар ўн кун ичида кўриб чиқилади, сўнг уч кунлик муддатда Тошкент вилоят ҳокимлигига қабул қилинган қарор ҳақида баённома юборилади. Комиссия ижобий қарор қабул қилган тақдирдагина туман (шаҳар) ҳокими бир ҳафта муддатда ер ажратиш ҳақида қарор чиқаради.
Қабул қилинган тузатишлар натижасида ушбу механизм Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Тошкент, Бўстонлиқ ва Паркент туманларидагина сақланиб қолади. Қолган ўнта туманда ер участкасини Комиссия қарорисиз ҳам олиш мумкин.
Аввалроқ Тошкент вилоятининг айрим аҳоли пунктларида жисмоний ва юридик шахсларга қурилиш учун ер майдонларини сотишга вақтинчалик тақиқ ўрнатилгани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)