Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотларни холисона баҳолаш учун халқаро рейтинг агентликлари жалб қилинади. Бу ҳақда 16 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги брифинг чоғида ташқи ишлар вазири ўринбосари Саидикром Ниёзхўжаев айтиб ўтди, деб ёзади «Газета.uz».
2018 йилги давлат дастурида давлатлар рейтингларини тузадиган халқаро агентликлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
«Бу мамлакатнинг кредит рейтингларини яхшилаш, бизнес муҳитни яхшилаш, иқтисодий эркинликларни кенгайтириш, рақобатбардошлиликни ошириш, коррупция ва ортиқча қоғозбозликка қарши курашиш мақсадида амалга оширилмоқда», — деди Саидикром Ниёзхўжаев.
Унинг сўзларига кўра, бу Ўзбекистонга ўзини дунёга кўрсатиш, шунингдек, ўз фаолиятини танқидий баҳолаш имконини беради.
Дастур лойиҳасига мувофиқ, июнгача республиканинг дунё рейтингларидаги ўрнини ва обрўсини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишни назарда тутувчи Ўзбекистон Президенти фармони лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)