Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти кенгаши кафиллиги остида билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган Акбар Раҳимқулов озод қилинди, деб хабар берди ЎзА.
Эндигина 27 ёшга тўлган Акбар Раҳимқулов Қўқон шаҳридан. У интернетдан диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни юклаб олиб, уларни тарқатиш, сақлаш жиноятини содир этган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида Акбар Раҳимқуловнинг жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд жараёнида жамоат ҳимоячиси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Аҳаджон Акбаров томонидан судланувчи Акбар Раҳимқуловга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш, келгусида ушбу фуқарони кафилликка олиш таклифи билдирилди ва бу ҳақда кафолат хати тақдим қилинди.
Суд унинг қилмишини ўзи тўла англамаган ҳолда содир этгани, муқаддам судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, унга нисбатан қўлланилган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазони бекор қилди ва судланувчи Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кафиллиги остида суд залидан озод этилди.
Изоҳ (0)