Ўзбекистонда Google компаниясининг 2017 йил октябрида тақдим этилган Pixel 2 смартфони сотила бошлади, деб ёзади «Mobinfo.uz». Pixel 2 дизайни аввалги авлод қурилмасиникига жуда ўхшаш, аммо қизил рангдаги қувват олиш тугмаси билан фарқланади. Бундан ташқари, Google 3,5 миллиметрли портдан воз кечиб, USB Type-C портига ўтди. Дисплей «доим ёниқ» (Always-On) режимини қўллаб-қувватлайди.
Смартфонда сиқишни бошқариш имкониятига эга Active Edge сенсорли қирра бор. Яна бир ўзига хослик шундан иборатки, микрофон доимо фаол бўлиб, атрофдаги мусиқани кузатиб юради ва исталган лаҳзада фойдаланувчига унинг яқинида қандай мусиқа чалинаётганини кўрсатиб туради.
Google Pixel 2 5 дюймли ва 1920×1080 пикселли OLED дисплейга, Pixel 2 ХL эса 6 дюймли ва 2880×1440 пикселли экранга эга. Pixel 2, шунингдек, 12 мегапикселли асосий ва 8 мегапикселли олд камера, Qualcomm Snapdragon 835 процессори, 4 Гб тезкор ва 64 Гб доимий хотира (microSD учун слот йўқ), олд стереодинамиклар, 2700 мА/соат сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган. Қурилма Android 8.0 Oreo операцион тизимида ишлайди.
Тошкентнинг «Малика» савдо марказида Google Pixel 2 (64 Гб) 5,7 миллион сўмдан сотилмоқда. Таққослаш учун, АҚШда уни 649 долларга сотиб олиш мумкин.
Ушбу қурилмани кўрсатилган нархда сотиб олишга «Дарё» нашри кафолат бермайди. Қурилма ва унинг нархи ҳақидаги ахборот фақат танишиш учун тақдим этилган.
Изоҳ (0)