Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатдаги йирик шаҳарлар аҳолиси келгусида электромобилларни танлашига эришиш зарурлигини билдирди. Бу ҳақда «Известия» хабар бермоқда.
«Электр станциялар, хусусий уй-жойни газлаштириш, жамоат ва хусусий автотранспортини газга ўтказиш борасидаги ишларни давом эттиришимиз лозим. Келгусида Олмаота ва Остонада фақат электромобиллар ҳаракатланишига эришишимиз керак», — деди Назарбоев Олмаота мери Бауржон Байбек билан учрашувда.
Учрашувда шаҳарни ривожлантириш масалалари, экологик муаммолар ҳам муҳокама этилди.
Шунингдек, Қозоғистон президенти шаҳар аҳолисининг 2 миллиондан ошиши нафақат иқтисодий жиҳатдан ўзини таъминлаш, балки кичик ва ўрта бизнес учун ҳам янги имкониятлар яратишини таъкидлади.
Маълумот учун, Олмаота аҳолиси ҳозирги кунда 1,7 миллион кишини ташкил этмоқда.