Голландиялик ҳимоячи Виржил ван Дейк фаолиятини «Ливерпуль» футбол клубида давом эттиради. Бу ҳақдаги хабар «Саутгемптон» клуби матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Келиб чиқиши суринамлик бўлган ван Дейк 1991 йил Голландиянинг Бреда шаҳрида туғилган. «Саутгемптон» мазкур футболчини 2015 йил Шотландиянинг «Селтик» клубидан 12 миллион евро эвазига сотиб олганди. Орадан кўп ўтмай, ҳимоячи «Ливерпуль»га рекорд сумма эвазига пулланди. Норасмий манбалар маълумотига кўра, «мерсисайд» клуби Виржил учун 85 миллион евро тўлаб берган.
«Саутгемптон» сайтидаги хабарда ҳам Виржил ван Дейкнинг дунё футболи тарихида энг қиммат ҳимоячига айлангани кўрсатиб ўтилган, бироқ унинг аниқ нархи айтилмаган. Бунгача «Манчестер Сити» Кайл Уолкер ҳамда Бенжамин Менди учун мос равишда «Тоттенҳэм» ҳамда «Монако» футбол клубларига 60 миллион евродан тўлаб берган ҳамда ҳимоячиларни сотиб олиш нархи бўйича рекорд қўйганди.«Сити»дан яна бир улкан харид. Клуб «Монако» футболчисини энг қиммат ҳимоячига айлантирди
Голландия миллий термаси сафида 12 та учрашув ўтказиб улгурган ван Дейк «Ливерпуль» ҳимоя чизиғини кучайтириш учун керак бўлади. У янги клуби сафида 4-рақам остида ҳаракат қилади. «Ливерпуль» аъзоси сифатида расман 1 январь куни таништирилиши кутилмоқда.
Бунгача Юрген Клопп бошқарувидаги «Ливерпуль»нинг олдинга чизиғи борасида бир қатор илиқ фикрлар билдириб келинди. Муҳаммад Салоҳ, Садио Мане, Филиппе Коутиньо, Роберто Фирмино, Даниэль Старриж каби ҳужумчилари бор жамоанинг ҳимояси эса ҳар сафар танқид остида қолди. Шундан келиб чиқиб, «Ливерпуль» ҳимояни тартибга солиш учун ўз тарихидаги энг қиммат трансферга қўл уришга қарор қилди.
Изоҳ (0)