ЎФФ 2017 йилги мавсумнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросимини ўтказди. Бунда 11 та номинация ғолиблари аниқланди.
Fair Play соврини — «Қўқон-1912»
Қўқонлик футболчилар чемпионатнинг ортда қолган 30 та ўйинида бирор марта ҳам майдондан четлатилмагани мазкур соврин учун асос бўлиб хизмат қилди. Совринни клуб раҳбариятига «Пахтакор» клуби президенти Бобур Шодиев топширди.Энг яхши мухлислар жамоаси — «Қўқон-1912»
Жорий мавсум Қўқон, Наманган, Бухоро ва Қарши шаҳарларидаги футбол учрашувларига мухлисларнинг ташрифи анча яхши бўлди. Бироқ ЎФФ бу совринни топширишда фақатгина сонга эмас, сифатга ҳам аҳамият берди ва ҳатто даъвогарлар орасига «Локомотив»ни ҳам киритди. Соврин эса Қўқонга йўл олди. «Навбаҳор» мухлислари «Пахтакор»га қарши ўйиндан кейин матбуот анжумани залида кичик кўнгилсизлик келтириб чиқаргани, «Бухоро» стадионидаги «Пахтакор»га қарши беллашувдаги кичик тартибсизликлар ҳам мазкур соврин ўз эгасини топишида асос бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин. Энг яхши мухлислар клубига совринни UzReport ва Futbol-TV телеканаллари директори Равшан Жўраев топширди.Энг яхши футбол академияси — «Насаф»
Мамлакат ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларига навниҳолларни етказиб беришда Қарши клуби академияси катта ҳажмдаги ишни амалга оширганди. Совринни уларга ЎзДЖТИ ректори Комил Ярашев топширди.Ёшлар Лигаси ғолиби — «Бунёдкор»
Шуҳрат Мақсудов бошчилик қилган «Бунёдкор» ўринбосарлари Ёшлар Лигасида «Пахтакор» билан тенг очко жамғарди. Ўзаро ўйинларнинг ҳар иккисида ҳам «қалдирғочлар»нинг қўли баланд келгани учун, якунда чемпионлик айнан «Бунёдкор» ёшларига насиб қилганди. Мақсудов совринни таниқли актёр Ёдгор Саъдиевдан қабул қилиб олди.Энг яхши ёш футболчи — Игорь Чикризов («Пахтакор»)
Энг яхши академия соврини «Насаф»га, энг яхши ёшлар жамоаси соврини «Бунёдкор»га кетгач, энг яхши ёш футболчи «Пахтакор»дан чиқиб келди. У кўпчилик учун нотаниш. Аслида қандай футболчи экани 2—3 йил ичида маълум бўлади. Совринни унга ҳамма учун яхши таниш бўлган ЎФФ бош котиби Сардор Раҳматуллаев топширди.Энг яхши аёл футболчи — Людмила Карачик («Металлург-W»)
«Металлург» футбол клубига тегишли аёллар жамоаси катта ўсишга эришиб, Қаршининг «Севинч» клуби 10 йилдан буён давом эттириб келаётган анъанага чек қўйди ва мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Унинг етакчи футболчиси эса табиийки, энг яхши бўлди. Людмила совринни «Бунёдкор» вице-президенти Мурод Алиевдан қабул қилиб олди.Йилнинг энг яхши футзалчиси — Константин Свиридов («Олмалиқ»)
«Олмалиқ» футзал клуби ҳам сўнгги йилларда барчанинг диққат марказида турибди. Унинг етакчи футзалчиларидан бири ва Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Константин Свиридовга совринни собиқ футболчи Тўлаган Исоқов топширди.Йилнинг энг яхши клуби — «Локомотив»
«Темирйўлчилар» қаторасига икки бор «Олтин дубл» қайд этиб, ҳам Ўзбекистон чемпионатида, ҳам мамлакат кубогида зафар қучишнинг уддасидан чиқа олганди. Совринни «Локомотив» вакили Тўлабек Акромовга ПФЛ бош директори Омон Ғофуров топширди.Энг яхши хорижлик мураббий — Шота Арвеладзе («Пахтакор»)
Ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшаётган энг яхши хорижлик мутахассис совринига Шота Арвеладзе эга чиқди. «Пахтакор» бош мураббийи мавсум ўртасида Ўзбекистон чемпионатига келганди. «Локомотив»ни икки йилдан буён Ўзбекистонда тенгсиз қилаётган Мирко Йеличич у билан рақобатда ютиб чиқа олмади. Балки Йеличичга Про лицензиянинг йўқ эканлиги панд берган бўлиши мумкин. Де юре «Локомотив»ни Андрей Микляев бошқарса-да, де факто Йеличич унинг муваффақиятларига энг кўп ҳисса қўшиб келади. Арвеладзе ўз юртига жўнаб кетгани учун, совринни унинг ўрнига «Пахтакор» клуби директори Адисман қабул қилиб олди.Йилнинг энг яхши мураббийи — Рўзиқул Бердиев («Насаф»)
Бердиев овоз беришда «Бухоро» бош мураббийи Улуғбек Бақоев ҳамда «Бунёдкор»ни мавсум ўртасида қабул қилиб олган Миржалол Қосимовдан кўпроқ балл жамғарди. Бердиевга совринни ЎФФ вице-президенти Шоакром Исроилов топширди.Йилнинг энг яхши футболчиси — Марат Бикмаев («Локомотив»)
Ўзининг иккинчи ёшлигини ўтказиб, Олий Лиганинг жорий мавсумида ҳаммадан кўп — 26 та гол урган Марат Бикмаев ҳақли равишда энг яхши футболчи бўлди. Унга совринни ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов топширди.
Изоҳ (0)