Тошкентнинг «Пахтакор» клуби бош мураббийи Шота Арвеладзе 2017 йилги мавсум якунларига кўра, ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшаётган энг яхши хорижий мутахассис номинациясида ғолиб чиқди.
Марат Бикмаев Ўзбекистонда йил футболчиси, Рўзиқул Бердиев эса йил мураббийи деб топилди
Бироқ Арвеладзе ЎФФнинг йил якунларига бағишланган маросимига ташриф буюра олмади. Унга тегишли совринни «Пахтакор» клуби директори Дмитрий Адисман қабул қилиб олди.Грузиялик Шота Арвеладзе «Пахтакор»ни мавсум ўрталарида қабул қилиб олганди. Унинг бошқарувида Тошкент клуби мавсумни кучли учликда якунлади ва «Локомотив»нинг ёрдами билан Осиё Чемпионлар Лигасига йўл олди.
Айнан шу масалада «Пахтакор»га ёрдам берган «Локомотив» бош мураббийи Мирко Йеличич энг яхши хорижий мураббий номинацияда ғолиб чиқа олмади. Унинг бошқарувида «темирйўлчилар» кетма-кет икки бор «Олтин дубль»ни нишонлаб, ҳам мамлакат чемпионлигини, ҳам Ўзбекистон Кубогини ҳеч кимга бермаганди.
Бироқ Мирко Йеличичда Олий Лига клубини бошқариш учун талаб этиладиган лицензия мавжуд эмас. Шу боисдан «Локомотив»нинг де юре бош мураббийи сифатида Андрей Микляев фаолият олиб боради.
ЎФФ ташкил қилган маросимда мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси ҳам аниқланди. Мазкур номинацияда ҳам «Пахтакор» вакилига омад кулиб боқди. Унга кўра, Игорь Чикризов 2017 йилнинг Ўзбекистондаги энг яхши ёш футболчиси сифатида тан олинди.
Энг яхши ёш футболчига совринни ЎФФ бош котиби Сардор Раҳматуллаев, Арвеладзенинг совринини эса Спорт Қўмитаси раиси Рустам Қурбонов топширди.
Изоҳ (0)