Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди томонидан 116-умумтаълим мактаби биносида сайёр суд мажлиси, шунингдек, жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича судьяларнинг жамоатчилик вакиллари билан учрашуви ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Сайёр суд мажлисида судланувчи Е.К.нинг фоҳишахона ташкил этиш ва сақлаш билан боғлиқ жиноий иши кўриб чиқилди. Учтепа туманида истиқомат қилувчи Е.К. танишининг таклифига биноан ўз уйидан фоҳишахона сифатида фойдаланишга рози бўлган.
1983 йили Тошкент шаҳрида туғилган Е.К. ҳаётда қийналган аёл. Аввалига ёқилғи қуйиш шохобчасида ишчи, кейинчалик кафеда официант бўлиб ишлади. Яқинларидан айрилгач, уйда ёлғиз қолди. Тушкунликка тушиб, соғлиғи ёмонлашди, ишидан ҳам айрилди.
Сайёр суд мажлисида жиноят иши ҳужжатлари ўрганиб чиқилди, судланувчи ва гувоҳнинг кўрсатмалари эшитилди. Судланувчи қилган жиноятига иқрор бўлиб, қилган ишидан қаттиқ пушаймонлигини билдирди, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўради.
Суд жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги, айбланувчининг ўз айбига тўлиқ иқрорлигини, ижтимоий аҳволини, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаб, Жиноят кодексининг 131-моддаси иккинчи қисми билан Е.К.га бир йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Изоҳ (0)