6 декабрь куни Австриянинг Вена шаҳрида биринчи Ўзбекистон-Европа ипак форуми бўлиб ўтди, деб ёзади «Газета.uz». Тадбир «Ўзбекипаксаноат» ассоциацияси томонидан Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкиллаштирилди.
Форумда Италия, Испания, Германия, Австрия, Венгрия, Словакия, Россия, Туркия ва бошқа мамлакатлардан ипак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниялар қатнашди.
Форум доирасида Ўзбекистондаги етакчи ипак ишлаб чиқарувчилари — «Бухоро Бриллиант Силк» ва «Сурхон ипаги» компаниялари маҳсулотлари ярмаркаси бўлиб ўтди. Бундан ташқари, ўзбекистонлик дизайнерлар ипакдан анъанавий ва замонавий кийим-кечаклар намойишини ташкил қилди.
Форум якунларига кўра, Ўзбекистондан Австрия, Италия, Венгрия ва Словакияга ипак маҳсулотлари экспорти масалалари устида ишлаш ҳақида келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, «Ўзбекипаксаноат» қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бош қароргоҳи Тошкентда бўладиган «Марказий Осиё-Европа ипак ассоциацияси» махсус платформасини яратиш устида ишлашни бошлайди.
Изоҳ (0)