Голливуд актрисаси Меган Маркл расман Уэльс шаҳзодаси Чарльзнинг кенжа ўғли — Гаррининг қайлиғи сифатида таништирилди, деб хабар берди The Telegraph.
Маркл журналистлар олдига қайлиғи ҳамроҳлигида чиққан. У Канаданинг Line брендига тегишли кийимда бўлган. Нашр мутахассисларининг фикрича, Шаҳзода Гаррининг бўлажак турмуш ўртоғи кийган кийими орқали ўзини британ эмаслигини ва унаштириш маросимига Америка маркасига оид кўйлак (масалан, Оscar de la Renta) кийишини таъкидлаш ниятида.
Шунингдек, актриса шаҳзода Гарри совға қилган учта бриллиант кўзли тилла узугини намойиш қилди. Уларнинг энг каттаси Ботсванадаги конлардан топилган. Яқинда шаҳзода ва унинг бўлажак турмуш ўртоғи дам олишни айнан шу ерда ўтказган эди.
Қолган иккита кичикроқ бриллиант унинг онаси — малика Диананинг коллекциясига оид. Диананинг унаштирув узуги эса айни вақтда шаҳзода Уильямнинг рафиқаси — Кембриж герцогиняси Кейтга тегишли.
Аввалроқ, шаҳзода Гарри ва актриса Меган Маркл ўзларининг унаштирилганини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)