Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувини Наврўз байрами кунлари ўтказишни таклиф этди. Бу ҳақда Kazakhstan Today хабар бермоқда.
Остонада бўлиб ўтаётган «Қозоғистоннинг модернизация модели янги глобал реалликда» номли халқаро парламент анжуманида мамлакат ташқи ишлар вазири Қайрат Абдрахманов Қозоғистон қўшни давлатлар билан Марказий Осиё етакчилари норасмий маслаҳалашувлари ҳақидаги ташаббусни амалга ошириш устида ишлашини билдирди.
«Янгиланиш фасли бўлган Наврўз байрами Марказий Осиё етакчиларининг узоқ йиллар мобайнидаги илк учрашувини ўтказиш учун рамзий фон бўлиб хизмат қилган бўларди», — деди вазир.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида ўтказилган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусида халқаро конференцияда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлат раҳбарларининг ўзаро учрашувларни мунтазам ташкил қилиш ташаббусини илгари сурганди.
Изоҳ (0)