Россияда АҚШ ИШИД жангарилари билан келишув тузгани ҳақида бирор далил йўқ. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров баёнот берди, деб хабар қилади «РБК».
Олдинроқ Британиянинг BBC телерадиокомпанияси ўтказган текшируви натижаларига кўра курдларнинг SDF тузилмаси АҚШ розилиги билан 250 жангарини Раққадан олиб чиқиб кетишни таъминлаганини маълум қилган эди.
Ундан аввал Суриянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси АҚШ бошчилигидаги коалиция ИШИД террорчиларининг Раққадан чекинишига кўмак берганини билдирган эди.
Шунингдек, Россия мудофаа вазирлиги «Қўшма Штатлар томонидан ИШИДнинг жангга қодир отрядлари таъминланаётганининг рад этиб бўлмас далиллари»ни эълон қилган эди. Аммо суратлардан бири AC-130 Gunship Simulator: Special Ops Squadron мобил ўйинидан олинган скриншот экани маълум бўлди. Матбуотда бу борада хабарлар чиққанидан сўнг Россия мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқлардан ушбу суратларни ўчириб ташлади.
Бироздан сўнг мудофаа вазирлиги бундай ахборотнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ ҳодиса ўрганилаётганини маълум қилди ва, таъкидланишича, «рад этиб бўлмайдиган далил» бўла оладиган бошқа суратларни чоп этди.
Ўз навбатида, Туркия расмийлари ҳам BBC далиллари асосида бир неча маротаба АҚШнинг хатти-ҳаракатларини қоралаб чиқди (1, 2).
Пентагон ушбу айбловларни дарҳол рад этди.
Журналистнинг шу масаладаги саволига жавоб бераркан, Лавров АҚШнинг террорчилар билан тил бириктиргани ҳақида далиллар йўқлигини тан олган ҳолда, унинг бошчилигидаги коалиция Россия авиациясининг Сурияда ишлашига халақит бераётганини таъкидлади:
«Сурия армиясининг ИШИДни йўқ қилиш бўйича Россия ҳаво-космик кучлари кўмагидаги ҳаракатлари қийинлаштирилди, қўйилган вазифаларни бажариш учун кўпроқ вақт керак бўлади».
Изоҳ (0)