Россия Федерациясидан Москва — Қарши йўналишидаги 995-сонли авиарейс билан Қарши халқаро аэропортига келган Нишон туманида яшовчи фуқаро Эргаш Ҳақбердиевнинг Samsung J1 маркали телефони хотирасида мамлакатга олиб кириш тақиқланган 50 та порнографик мазмундаги видеолавҳа борлиги аниқланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизматига таяниб, «Uz24» хабар берди.
Суриштирув пайтида Эргаш Ҳақбердиев бу телефонни унга ўзи билан бирга ишлаган Отабек исмли таниши хотинига совға сифатида бериб юборганини, унинг хотирасида нима бор-йўқлиги билан қизиқмаганини маълум қилди.
«Агар бу бир баҳона бўлса, у телефонни ахлоқсиз тасвирлардан тозалаши, агар чиндан ҳам бировники бўлса, тегишли назоратдан ўтишини ҳисобга олиб, телефондаги материаллар ҳақида зарур маълумотларни билиб олиши даркор эди», — дейилади Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси хабарида.
Якунда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати учун жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг қарори билан Эргаш Ҳақбердиевга нисбатан 748 875 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди. Ҳуқуқбузарлик ашёси ҳисобланган Samsung J1 маркали қўл телефони порнографик тасвирлардан тозаланиб, мусодара қилинди.
Изоҳ (0)