Фаластинлик гуруҳ ҲАМАС, Миср ва Қатар воситачилари таклиф қилган Ғазо бўйича сулҳ ҳамда гаровдагиларни озод қилиш режасини қабул қилди. Бу ҳақда гуруҳ манбааларига таяниб, BBC хабар берди.

Таклифга кўра, ҲАМАС дастлабки 60 кунлик сулҳ давомида гаровга олинган 50 нафар исроилликнинг тахминан ярмини (улардан 20 нафари тирик деб тахмин қилинади) икки босқичда озод қилади. Шунингдек, доимий ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Ҳозирча Исроилнинг муносабати номаълум — бош вазир Биньямин Нетаньяху ўтган ҳафта барча гаровдагилар бир вақтнинг ўзида озод қилинмаса, келишувни қабул қилмаслигини айтганди. Шу билан бирга, Исроил қўшинлари Ғазо шаҳрида янги ҳарбий операцияларни давом эттирмоқда. Гувоҳлар Сабра маҳалласида мактаблар ва БМТ клиникаларини ўраб олган танклар ҳаракатини кузатган.
ҲАМАС делегацияси бош музокарачиси Халил ал-Ҳайя Қоҳирада воситачилар билан учрашиб, тинчлик таклифини кўриб чиқмоқда. Қатар бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдул Раҳмон ал Тҳани ҳам Мисрга ташриф буюриб, томонларга келишувга эришиш учун босим ўтказган. Миср ташқи ишлар вазири Бадр Абделатти Фаластин ҳудудидаги гуманитар вазиятни “тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада” жиддий деб таърифлади.
Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошидан бери Ғазода камида 62 004 киши ҳалок бўлган. Аҳолининг аксарияти бир неча марта кўчирилган, 90 фоиздан ортиқ уйлар вайрон қилинган, соғлиқни сақлаш, сув ва санитария тизимлари ишдан чиққан. Сўнгги 24 соатда очарчилик сабаб 5 киши, жумладан 2 нафар бола ҳалок бўлган, уруш бошидан бери бундай ўлимлар сони 263 кишига етган.
Айни пайтда, Тель-Авивда юз минглаб Исроил фуқаролари ҳукуматдан ҲАМАС билан дарҳол келишувга эришиб, барча гаровдагиларни озод қилишни талаб қилиб, намойиш қилмоқда. Гаровдагиларнинг оилалари эса яна бир ҳужум асирлар ҳаётини хавфга қўйишидан хавотирда. Исроил бош вазири уруш фақат барча гаровдагилар озод этилиб, ҲАМАС қуролсизлантирилгандагина якунланишини айтган. У Ғазони демилитаризация қилиш, Исроил хавфсизлиги назорати остида сақлаш ва ҲАМАС ёки Фаластин ҳукумати билан алоқаси бўлмаган маъмурият томонидан бошқарилишини истайди.
ҲАМАС эса гаровдагиларни Фаластин қамоқхоналаридаги маҳбусларга алмаштириш, урушни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазодан бутунлай олиб чиқишни талаб қилмоқда. Гуруҳ, мустақил Фаластин давлати тузилмагунча қуролсизланмаслигини таъкидламоқда.
Изоҳ (0)