Ягона интерактив давлат хизматлари порталига Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда фаол иштирок этувчи иш берувчиларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, деб хабар беради UzReport.
Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва бандлик муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган лойиҳада 2018 йилдан бошлаб «Ижтимоий масъулият ва самарадорлик» рейтинг тизимини жорий қилиш кўзда тутилган.
Рейтинг аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, собиқ ҳарбий хизматчилар, имконияти чекланган фуқаролар учун иш ўринларини яратган иш берувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини татбиқ этишни ўз ичига олади.
Қайд этилишича, «ТОП-100» юзта энг яхши ташкилотларнинг рейтинги ҳар йилнинг 15 декабригача шакллантирилади ва сертификат топшириш жараёни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Лойиҳани молиялаштириш Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Бандликка кўмаклашиш Бюджетдан ташқари жамғармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маблағлари эвазига амалга оширилади.
Изоҳ (0)