Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Туркия Республикаси фуқаролари учун виза жараёнларини соддалаштириш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистонга иш ва сайёҳлик мақсадида келаётган турк фуқароларига виза расмийлаштириш жараёнини такомиллаштириш ҳамда янада қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.
Ўзбекистонга иш бўйича келадиган Туркия фуқароларига муддати бир йилгача бўлган кўп мартали визалар мамлакатнинг хориждаги муассасалари томонидан уч иш куни давомида (ҳужжатлар қабул қилинган кунни ҳисобламаганда) расмийлаштирилади. Бунда таклиф этувчи юридик шахснинг Ўзбекистон ТИВга мурожаат этиши талаби бекор қилинади.
Шунингдек, Ўзбекистонга сайёҳ сифатида ташриф буюрадиган Туркия фуқароларига бир ой муддатгача бўлган визалар уч иш куни давомида (ҳужжатлар қабул қилинган кунни ҳисобламаганда) расмийлаштирилади. Сайёҳлик ваучери, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистоннинг бошқа туризм ташкилотлари таклифномаларини тақдим этиш талаби бекор қилинади.
Изоҳ (0)