19 октябрь куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик оқимининг уч нафар аъзоси ўз айбига иқрор бўлиб, ўзларини ички ишлар ходимлари ихтиёрига топширган, деб хабар беради «Telegraf.uz».
Жумладан, Х. Абдуллаев исмли фуқаро ўз аризасида 1997—1999 йилларда Тошкент шаҳрида «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик оқими таркибида «мушриф» лавозимида фаолият юритгани ва Жўрабек исмли шахс билан ишлаганини маълум қилган.
Диний-экстремистик оқимнинг иккинчи аъзоси М. Бадалов 1998—2000 йилларда Тошкент шаҳрида «Ҳизб ут-Таҳрир» таркибида Комил исмли шахс билан бирга ишлаганини ёзиб қолдирди.
М. Ҳошимов исмли яна бир фуқаро 1999—2001 йилларда Тошкент шаҳрида «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик оқими таркибида Мирмуҳсин Каримов исмли шахс билан бирга ишлаганини қайд этди.
Суриштирув ишларидан кейин юқоридаги Жўрабек ва Комилнинг шахси аниқланиб, ўзлари ҳам топилган, лекин жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани муносабати билан ЖКнинг 64-моддаси тегишли бандларига мувофиқ жиноят иши қўзғатишдан рад этилган.
Мирмуҳсин Каримов ҳақидаги кўрсатма эса суриштирув пайтида ўз тасдиғини топмади.
Изоҳ (0)