Италиялик машҳур мураббий Альберто Дзаккерони БАА термаси билан шартнома имзолади. Мутахассис жамоани 2019 йилги Осиё Кубогига тайёрлайди.
Осиё Кубоги 2019 йил айнан Амирликларда бўлиб ўтади. Демак, БАА термаси унда муносиб иштирок этиши керак. Бунда Дзаккеронининг олдига айнан қандай вазифа қўйилгани борасида маълумот йўқ. БАА Футбол Ассоциацияси Дзаккерони келгани ҳақида расман айтган бўлса, бугун — 17 октябрь у оммага расман таништирилади.
Дзаккерони учун Осиё Кубогида зафар қучиш бегона эмас. У 2011 йил Япония миллий терма жамоаси билан қитъани забт этишга муваффақ бўлганди. Шунингдек, мутахассис 1999 йил «Милан» клуби билан Италия А серияси ғолиблигини қўлга киритган.
Ўзбекистон миллий терма жамоасини Осиё Кубоги—2019 га ким тайёрлаши масаласи ҳозиргача ҳал этилгани йўқ. ЎФФ бир қатор номзодлар билан музокара олиб бораётгани ҳақида айтган бўлса-да, ҳозиргача бир тўхтамга кела олмаган.
Изоҳ (0)