Манчестердаги О2 Ritz клубида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари давомида иситиш батареяларининг орқасида 30 йил ётган ҳамён топилди. Унинг ичида идентификацион карта, кутубхонага кириш рухсатномаси, чек картаси ва 12 пенс бўлган. ҳамён Элизабет Сара Дейл исмли қизга тегишли бўлган. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Жорий йилда 90 ёшга тўладиган клубнинг ходимлари ҳамённинг эгасини топишга ва ундан 1980 йилларда клубда вақтини қандай ўтказганини сўрашга қарор қилган.
Бироқ Элизабет Дейлни ижтимоий тармоқларда излаш ҳеч қандай натижа бермаган, шундан сўнг клуб ходимлари британия ОАВларига мурожаат қилишга қарор қилган.
Қидирувлар ўз натижасини бериб, Элизабет Сара Дейл 5 октябрда топилган. Аёлнинг айтишича, у ҳуқуқ факультетида ўқиётган вақтида клубга тез-тез бориб турган, бироқ ҳамённи йўқотган кечани эслай олмайди.
Ҳозирда ёши 51 да бўлган Элизабет адвокат бўлиб ишлайди ва Лондоннинг жанубида яшайди.
Изоҳ (0)