Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор UZINFOCOM ва Ломoнoсов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиали ўзаро англашув меморандуми имзолади. Бу ҳақда UZINFOCOM вакиллари «Дарё»га маълум қилди.
UZINFOCOM негизида ўқитувчилар ва илмий ходим-изланувчиларнинг малакасини ошириш дастури, филиалнинг талабалари ва битирувчиларининг амалий машғулотлари режалаштирилган.
Шунингдек, IT-технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, амалий математика ва информатика бўйича семинарлар, тренинглар, давра суҳбатларини биргаликда ташкил этишда мунтазам равишда тажриба алмашиш ва услубий ишланмалар амалга оширилади.
UZINFOCOM мутахассислари филиалнинг ўқув жараёнига бевосита жалб қилинади, унда UZINFOCOM томонидан миллий миқёсда амалга ошириладиган энг йирик IT-лойиҳалар мисолида ўқувчиларга мавзуни ўрганиш имконияти берилади.
Шунингдек, талабаларга UZINFOCOM томонидан ташкил этилган ўқув машғулотларида иштирок этиш имконияти берилади.
Меморандумнинг муҳим жиҳатларидан бири — филиал битирувчиларини ишга жойлаштиришга ёрдам бериш, шунингдек, миллий ва халқаро грант дастурларида биргаликда иштирок этиш ҳисобланади.
Изоҳ (0)