Олимлар қадимги мисрликлар буюк Гиза пирамидаларини қуришда бир неча тоннали тош бўлакларини жанубдан шимолга қай йўсинда олиб ўтишганининг барча усулларини билади. Бу ҳақда мисрлик машҳур археолог олим, Миср қадимий ёдгорликлар вазирлигининг собиқ раҳбари Захи Хавас «Аш-Шарқ ал-Аусат» газетасига берган интервьюсида маълум қилди, деб хабар берди «РИА Новости».
Daily Mail газетаси бир гуруҳ олимлар қадимги папирус ёрдамида пирамидалар қурилишининг сирини аниқлашганини маълум қилганди. Хабар берилишича, ҳужжатда мисрликлар бундан 4600 йил аввал узоқ масофадаги (800 километрдан ортиқ: Миср жанубидаги Асуандан Хеопс пирамидаси қурилган Гизага қадар) оғир гранит ва оҳактошларни қай усулда ташишгани ёзилган. Папирусда ёзилишича, тошларни ташишда махсус сув каналларидан фойдаланилган.
Хаваснинг сўзларига кўра, ушбу «кашфиёт»да ҳеч қандай янги нарса йўқ.
«Ташиш ишлари Асуандаги тошларга ишлов бериш жойидан қадимги қайиқлар ёрдамида Нил дарёси орқали ташилган, шундан сўнг, пирамида қурилиши олиб борилаётган ерга қадар махсус каналлар қазилиб, тошлар шу орқали манзилига етказилган», — деди олим.
Изоҳ (0)