Самолёт учиб кетаётган ва қўнаётган вақтда ухлайдиган йўловчилар ўз эшитиш қобилиятига тузатиб бўлмайдиган зарар етказиши мумкин, деб ёзади «РИА Новости» Гарвард тиббиёт мактаби тадқиқотига таяниб.
Таъкидланишича, баландлик ўзгарадиган пайтда кўпчилик одамларнинг «қулоғи битиб қолади», бу қулоқ ташқарисидаги босим ичкаридаги босим билан ҳар хил бўлгани туфайли юз беради. Одатда, бундай эффектдан халос бўлиш учун эснаш ёки ютиниш орқали евстахий найчаси деб аталувчи ингичка канални очиш керак бўлади.
Аммо агар самолёт йўловчиси ухлаётган бўлса, қулоқ пардасидаги босимни бу тарзда тенглаштира олмайди. Натижада қулоқ канали тўсилиб қолиши мумкин, бу эса эшитиш баротравмасига олиб келади.
Олимлар аниқлашича, евстахий найчаси узоқ вақт тўсилиб турадиган оғир вазиятларда инфекция ривожланиб, қулоқ пардаси ортида суюқлик ҳосил бўлишига олиб келади, у эшитиш билан боғлиқ муаммоларни ва оғриқни келтириб чиқаради.
Тадқиқотда таъкидланишича, касаллик пайдо бўлишининг олдини олиш учун самолёт баландликка кўтарилаётган ва пасаяётган пайтда ухлашдан воз кечиш керак.
Изоҳ (0)