ИШИД террорчилик гуруҳининг Синай яриморолидаги бўлинмаси Миср армияси томонидан ўтказилган операцияда ўз раҳбарларидан бирининг ўлдирилганини тан олди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, 11 сентябрда Шимолий Синайнинг маъмурий маркази ҳисобланган Ал-Ариш шаҳрида радикал кучлар томонидан уюштирилган қуролли хуруж оқибатида 18 нафар ҳарбий ҳалок бўлган. Миср армияси ана шу ҳужумдан кейин рейд ўтказган ва рейд натижасида ИШИДнинг тажрибали дала қўмондонларидан бири — фаластинлик Муҳаммад Жамол Абу Далил ўлдирилган.
Абу Холид ал Мақдасий номи билан танилган бу жангари узоқ вақт ИШИД томонида Ливия ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. Кейин денгиз орқали Ғазога, у ердан эса Синай яриморолига борган. У сўнгги вақтларда Шимолий Синай полициячлари ва аҳолисига нисбатан уюштирилган кўплаб терактларнинг ташкилотчиси ва асосий ижрочиси бўлган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)