Ўзбекистон ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси томонидан Тошкент шаҳридаги Амир Темур ҳиёбонида шаҳар ИИББ таянч пунктлари профилактика инспекторларини қасамёдга келтириш, уларга хизмат уйлари ва имтиёзли равишда берилаётган шахсий автомашиналар калитини тантанали топшириш маросими ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га бошқарма матбуот хизмати маълум қилди.
Маросимда ҳукумат аъзолари, давлат бошқарув органлари ва вазирлик раҳбарияти, жамоатчилик вакиллари, профилактика инспекторлари ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Ўзбекистон Президентининг Фармони асосида жойлардаги профилактика инспекторлари сони оширилиб, улар учун қулай шароитларга эга бўлган ички ишлар органлари таянч пунктлари ташкил этилди.
Шунингдек, профилактика инспекторлари нуфузини ошириш ва вазифаларини самарали ўташларини таъминлаш мақсадида ўзлари хизмат қилаётган ҳудуддан оила аъзолари билан яшашлари учун барча қулайликларга эга бўлган уйлар ажратилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида шахсий автоуловлар олишлари учун шароит яратилди.
Маросимда профилактика инспекторлари Ўзбекистон халқи ва Президентига содиқ бўлишга тантанали қасамёд қилди.
Изоҳ (0)