Дунёда ўта қашшоқлик даражаси 11 фоизгача камайди, бироқ 767 миллионга яқин киши ҳамон шундай шароитларда яшамоқда. Бу ҳақда БМТ бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад маълум қилди, дея хабар беради «Коммерсантъ».
Амина Муҳаммад сўзларига кўра, Шарқий ва Жанубий Осиёда қашшоқликка қарши курашда сезиларли силжишларга эришилди, бироқ Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубдаги қисми сайёранинг энг ночор минтақаси бўлиб қолмоқда. Бу ҳудудда аҳолининг 42 фоизи ўта қашшоқликда яшайди.
Шунингдек, жамиятда иқтисодий-ижтимоий нотенглик сақланиб қолмоқда.
«Болалар ва ёшлар, аёллар ва қизлар, туб аҳоли, кексалар, қишлоқ хўжалиги ходимлари, ногиронлар, муҳожирлар, можаролар ҳудудидаги инсонлар ҳуқуқ ва имкониятлари чекланганини тан олишимиз лозим. Улар бизнинг кундалик қўллаб-қувватлашимизга муҳтож», — деб таъкидлади БМТ вакили Барқарор ривожланиш мақсадлари амалга оширилишига бағишланган йиғилишда.
Изоҳ (0)