«Сурия демократик кучлари» (SDF) қуролли коалицияси Раққанинг эски шаҳрини ИШИД жангарилари қўлидан озод этди. Бу ҳақда АҚШ президентининг халқаро терроризмга қарши курашиш коалицияси вакили Бретт Макгерк маълум қилди, деб хабар берди «ТАСС».
«SDF сўнгги 48 соат ичида Раққанинг узоқ вақт давомида ИШИД тасарруфида бўлган эски шаҳрини озод этиш ишларини якунлади ва минглаб фуқароларни эвакуация қилди», — деб ёзди Макгерк ўзининг Twitter’даги саҳифасида.
Аввалроқ AFP агентлиги SDF’нинг расмий вакили Талал Силлога асосланиб, АҚШ кўмагидаги кучлар Раққанинг тарихий марказини ИШИД жангариларидан озод қилгани, ҳозирда «Сурия демократик кучлари» ИШИДнинг «бош қўмондонлик пункти» яқинига жойлашаётганини хабар қилганди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)