АҚШ жануби-шарқий қирғоқларига ёпирилган «Харви» тўфони оқибатида ҳалок бўлганлар сони 10 кишига етди. Бу ҳақда The New York Times газераси Техас штати ҳукуматига асосланиб маълум қилди, деб хабар берди «РБК».
Маълумотларга кўра, айни вақтда Хьюстон шаҳрига 760 миллиметрдан ортиқ ёмғир ёғган. 8 мингдан ортиқ шаҳарликлар табиий офатдан қочиб, бошпанага беркинган.
«Харрис округида сув тошқинига алоқаси бор деб тахмин қилинаётган олтита ўлим ҳолати аниқланди», — дея маълум қилди округнинг Суд фанлари институти матбуот котиби Трисия Бентли. Шунингдек, у Рокпорт шаҳрида бир киши, Ла-Маркда уч киши, Монтгомери округида яна икки киши ҳалок бўлганини хабар қилди.
АҚШ ҳукумати ҳозирча фақатгина икки кишиннинг ҳалок бўлганини расман тасдиқлади.
USA Today нашрининг маҳаллий ҳукуматга асосланиб хабар беришича, ҳозирда 30 киши бедарак йўқолган ҳисобланмоқда. 29 август куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг Техасга ташриф буюрилиши кутилмоқда.
«Харви» тўфони сўнгги 12 йил ичида содир бўлган энг кучли тўфон ҳисобланади. Тўфон марказидаги шамолнинг тезлиги 200—208 километр/соатни ташкил этган. Етказилган зарар 30 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Изоҳ (0)